Тошкент вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаев ва аъзолар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди

27.10.2024

282

msk_yangiliklari_in

Тошкент вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаев ва аъзолар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди

 

Унда масъуллар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловининг Тошкент вилоятида қай тарзда ўтаётгани ҳақида маълумот берилди.

 

Қайд этилганидек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоят ҳудудидаги 1 минг 6 та сайлов участкасидаҳам сайлов “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида овоз бериш жараёнлари бошланди.

 

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига кўра, жами овоз берувчиларнинг умумий сони 1 миллион 853 минг 879 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 4 минг 800 нафари илк бор сайловда иштирок этаётган ёшлардир.

 

Муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 16-23 октябрь кунлари бўлиб ўтди. Вилоят аҳолисининг 91 минг 932 нафари муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.

 

   

 

Айни чоғда сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнларини сиёсий партиялар ваколатли вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро кузатувчилар кузатиб бормоқда. Шу пайтгача сайловга оид қонунчилик бузилиши юзасидан мурожаат келиб тушмади.

 

Шундан сўнг комиссия аъзоси Нигора Ўролова томонидан сайловларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ва ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширилишини таъминлаш борасидаги ишлар юзасидан ахборот берди.

 

Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловдаги иштироки учун тегишли инфратузилмавий шароитлар яратилди. Жойлардаги барча сайлов участкаларига Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар етказилди.

 

Овоз бериш хоналарига махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилди. Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган айрим сайлов участкаларида оптик лупалар етказилди. Участка бинолари ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) ёки “ёрдамга чақириш” тугмаси билан жиҳозланди.

 

Матбуот анжуманида журналистлар сайлов жараёнлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоблар олди.

 

Тошкент вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

 

Матбуот маркази

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур