Халқаро кузатувчилар Тошкент вилоятида

26.09.2024

299

msk_yangiliklari_in

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши бош котиби маслаҳатчиси Сергей Караваев ва мазкур ташкилотнинг Парламентлараро Ассамблеяси ДРМХИ эксперти Станислав Ткаченко Тошкент вилояти ҳудудий сайлов комиссияси фаолияти билан яқиндан танишди. 

 

Халқаро кузатувчилар Нурафшон шаҳрида жойлашган бинодаги яратилган шароитларни кўздан кечирди. Уларга сайлов стендлари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашига сайлов ўтказиш бўйича харитаси, фуқароларни қабул қилиш хонаси, комиссия аъзолари хонаси, матбуот маркази кўрсатилди. Шу билан бирга, жойларда сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этилиши, шу кунларда бўлаётган барча ташкилий ишлар ҳақида комиссия раиси Улуғбек Тўхтаев ва аъзолардан атрофлича маълумот олди.

 

 

Қайд этилганидек, мамлакатимизда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида ҳам тузилган ҳудудий сайлов комиссияси томонидан шу кунларда муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. 

 

 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Тошкент вилоятида бир мандатли 7 та сайлов округи тузилди ҳамда Республика партия Кенгашлари томонидан 35 нафар номзод кўрсатилди. Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашига 60 та сайлов округлари тузилди. 60 та сайлов округига 5 та партиядан 300 нафар номзод кўрсатилди. Шаҳар-туманларда депутатлик ўринларига жами 530 та ўрин белгиланган бўлиб, тўлиқ номзодлар тақдим этилди. Ҳудудда 1 минг 6 та сайлов участкаси тузилди. 

 

 

Ўтган давр мобайнида сайлов қонунчилиги бўйича бириктирилган тренерлар томонидан туман ва шаҳарлардаги участка сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва котибларига ўқув машғулотлари ўтказиб, малакаси оширилди. Айни пайтда тайёргарлик ишлари давом этяпти. 

 

 

Шунингдек, суҳбат давомида халқаро кузатувчилар ҳудудидаги сайлов участкаларида яратилган қулайликларга ҳам қизиқди.

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур