Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига доир умумий маълумот

 

Қонунчилик ва сиёсий тизимлар тирик организм сингари доимий тарзда ривожланиб боради. Жумладан, мамлакатимиз сайлов тизими ва қонунчилиги ҳам мунтазам такомиллашиб бормоқда. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловлар аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилади.

 

Хўш, жаҳонда ўзи қандай сайлов тизимлари мавжуд? Ва аралаш сайлов тизими деганда нима тушунилади?

 

1. Мажоритар сайлов тизимида сайловчилар аниқ бир шахсга овоз беради. Сайлов бюллетенида депутатлик ўрни учун курашаётган номзодлар кўрсатилади. 2024 йилга қадар мамлакатимизда мажоритар сайлов тизими амал қилган.

 

2. Пропорционал сайлов тизимида сайловчилар сиёсий партияларга овоз беради. Сиёсий партиялар сайловда қўлга киритган овозлари фоизига мутаносиб равишда депутатлик ўринларини эгаллайди.

 

3. Аралаш сайлов тизими мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларининг уйғунлашувидан ҳосил бўлган. Бу уйғунлик парламентнинг бир қисми – мажоритар, бошқа бир қисми эса пропорционал тизим асосида шаклланишида намоён бўлади.

 

Аввалги сайлов тизимига кўра Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатлари мажоритар сайлов тизими асосида ҳудудлардаги сайлов округларидан сайланган. Яъни, сайловчилар бюллетенда кўрсатилган депутатликка номзодларга овоз берган.

Бу йилги сайловларда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати, аввалгидек, мажоритар сайлов тизими асосида, қолган 75 нафар депутат янги пропорционал сайлов тизими асосида сайланади. Унга кўра сайловчилар бюллетенда кўрсатилган партияларга овоз беришади.

 

Кимлар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга?

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади”.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари умумий бўлиб, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.

 

Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқейи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эга.

 

Сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.

 

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

 

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

 

Сайлов куни сайловчи қандай тартибда овоз беради?

 

Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

 

Овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.

 

Сайловчи сайлов куни овоз бериш биносига келгач, участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади. Фуқаро бюллетенни яширин овоз бериш кабинасида тўлдиради ва уни сайлов қутисга ташлайди.

 

Бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

 

Сайловчининг турган жойида овоз беришни ташкил этиш қандай бўлади?

 

Айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.

 

Тегишли комиссиянинг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига юборилади, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.

 

Сайлов куни хизмат сафари билан ёки бошқа сабабларга кўра ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи қандай тартибда овоз беради?

 

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

 

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

 

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

 

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

 

Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.

 

Сайлов бюллетени қандай шаклда бўлади?

 

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенларининг шакли, матни ва тавсифи тасдиқланди. Cайловчиларга овоз бериш кунида 4 та сайлов бюллетени берилади:

 

Биринчи бюллетен, оч кўк рангли бўлиб, унда Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар ҳақидаги маълумотлар;

 

Иккинчи бюллетен, оч яшил рангли бўлиб, бюллетенда Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этиётган сиёсий партиялар номи;

 

Учинчи бюллетен, оч сариқ рангли бўлиб, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар ҳақидаги маълумотлар;

 

Тўртинчи бюллетен, оч кулрангли бўлиб, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар ҳақидаги маълумотлар киритилади.

 

Сайлов бюллетенида депутатликка номзодларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тартибида киритилади.

 

Сиёсий партиялар киритилган бюллетенда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи билан бирга рамзий белгиси кўрсатилади ва партиялар сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига мувофиқ кетма-кетликда киритилади.

 

Сайлов бюллетенлари тегишли ҳудуддаги сайловчилар сонини инобатга олган ҳолда чоп этилади ва сайлов участкаларига етказилади.