Тошкент вилояти Ҳудудий сайлов комиссияси муҳим масалаларни кўриб чиқди.

15.08.2024

301

msk_yangiliklari_in

Тошкент вилояти Ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаев ва аъзолар томонидан кун тартибидаги белгиланган бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

 

Дастлаб Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 

Қайд этилганидек, бу йил халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни тасдиқлаш учун Ҳудудий сайлов комиссиясига тавсия этиш ҳамда Ҳудудий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш жараёнлари “E-saylov” ахборот тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.

 

 

Округ сайлов комиссияси аъзолигига йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари номзод этиб кўрсатилди.

 

Шунингдек, округ сайлов комиссияси таркибини шакллантиришда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятлари, шунингдек ёшлар иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор берилди. Бунда округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлардаги хотин-қизларнинг улуши вилоят бўйича амалда 50 фоизни ташкил этмоқда.

 

 

Шундан сўнг ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ўртасида вазифалар тақсимоти кўриб чиқилди. Ҳудудий сайлов комиссияси ҳузурида матбуот марказини ташкил этиш ва фаолиятини қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга ошириш борасида келишиб олинди.

 

Кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур