Марказий сайлов комиссияси раиси Тошкент вилоятида

20.08.2024

706

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев ва комиссия аъзоси Александр Фарманов Чирчиқ давлат педагогика университетида Тошкент вилоятида танлаб олинган 86 нафар ҳудудий тренерлар учун ташкил этилган уч кунлик ўқув-амалиёт машғулотларини бориб кўрди.

 

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларни ўтказиш бўйича комиссиялар аъзолари сайлов қонунчилиги ва амалиёти, шунингдек, овоз беришда замонавий ахборот технологиялари қўллаш бўйича назарий билимларни ва амалий кўникмаларни оширяпти.

 

Шу ерда ташкил этилган суҳбат чоғида тренерларнинг асосий вазифалари ҳақида сўз юритилди. Қайд этилганидек, ушбу сайловлар Конституциямизда белгилаб берилган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилаётгани алоҳида аҳамият касб этади. 

 

Шуни инобатга олиб машғулотлар, аралаш сайлов тизими ва унинг ўзига хос хусусиятлари, аввалги сайловлардан фарқи, сайлов комиссиялари тизими ва фаолиятининг асосий жиҳатлари каби муҳим мавзуларда фикр алмашилди.

 

 

Шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси раиси Нурафшон шаҳридаги Тошкент вилояти Ҳудудий сайлов комиссияси биносида ҳам бўлди. Учрашувда вилоят Ҳудудий сайлов комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаев ҳудудда қилинаётган ишлар борасида атрофлича маълумот берди.  

 

Айни пайтда мазкур сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ташкил этиш ва очиқ, ошкора ўтказиш учун Тошкент вилояти Ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари томонидан тизимли ишлар қилиняпти.

 

Суҳбат давомида З.Низамходжаев комиссия аъзолари учун бинода яратилган шароитларни кўздан кечириб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. Шунингдек,  жойларда сайлов участкаларини жиҳозлаш ва сайловчиларга зарур қулайликлар яратиш борасида фикр алмашилди.

 

Тошкент вилояти ҳудудий сайлов комиссияси Матбуот маркази.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур